12.08.2023 17:31 1260
Бугунги Марказий Осиё кечаги Марказий Осиё эмас. Минтақанинг жаҳон сиёсий саҳнасидаги ўрни ва аҳамияти тобора ошиб бормоқда. Чунончи, “Марказий Осиё+” – АҚШ, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Европа Иттифоқи, Кўрфаз араб давлатлари, Япония Жанубий Корея форматларининг жорий этилгани ўз-ўзидан минтақага қизиқиш сарҳадлари кенгайганидан далолат беради. Бунга Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам Маслаҳат учрашувлари ташкил этилгани алоҳида туртки бўлди. Шак-шубҳасиз, Марказий Осиё тараққиёти минтақа бешлигининг бирлигига, ўзаро ишончи ва икки томонлама ҳамкорлигига чамбарчас боғлиқ. Бу борада Ўзбекистон ва Қирғизистон алоқаларининг янги босқичга кўтарилганини мисол қилиб келтириш мумкин.
Бунинг учун аввало, икки давлатнинг минтақадаги аҳамиятини таҳлил этиш ўринли бўлади:
Марказий Осиёда Ўзбекистон
Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб, Ўзбекистоннинг минтақадаги сиёсий ёндашувлари Марказий Осиё, хусусан, Афғонистонни хавфсиз, барқарор ва тараққий этган маконга айлантиришдан иборат. Ўзбекистон минтақадаги ўрнини баҳолашда қуйидаги бир қатор омиллар ва таҳлилий мулоҳазаларни келтириш ўринли, деб ҳисоблаймиз:
Географик детерменизм. Ўзбекистон жойлашган ҳудуд турли хил мезонларга кўра минтақа учун улкан геосиёсий аҳамият касб этади. Республика дунёнинг стратегик аҳамиятга молик бўлган Марказий Осиё минтақасининг қоқ марказида жойлашган. Ўзбекистон Марказий Осиё давлатларининг барчаси билан умумий чегарага эга минтақадаги ягона давлатдир. Бу эса Ўзбекистон қабул қилган ташқи сиёсий қарорлар ўз-ўзидан минтақанинг геосиёсий йўналишларини белгилашга таъсир кўрсатмасдан қолмайди, деганидир. Бундан ташқари, ушбу маконда фақат Ўзбекистон ташқи куч марказларининг бевосита таъсиридан табиий муҳофазаланган минтақадаги ягона давлат ҳамдир. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, Ўзбекистон минтақада Россия, Хитой, Эрон сингари куч марказлари билан бевосита чегарага эга эмас. Бундай геосиёсий мақом параллел равишда Ўзбекистон зиммасига минтақада кучлар мувозанати ва ўзаро ички барқарорликни таъминлаш масъулиятини ҳам юклайди.
Демографик салоҳият. Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида энг кўп аҳолига эга давлат бўлиб, Статистика агентлигининг 2023 йил 1 июль ҳолатидаги маълумотларга кўра мамлакат доимий аҳолисининг сони 36 млн 372,3 минг нафарни ташкил этади. Ушбу кўрсаткич Марказий Осиё умумий аҳолисининг тахминан ярмига яқини демакдир.
Ҳарбий қудрат. Ҳарбий қудрат жиҳатдан ҳам Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасининг энг етакчи давлати. Глобал ҳарбий қудрат индексининг 2023 йилдаги ҳисоботига кўра Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида эса энг қудратлиси, деб қайд этилган.
Умуман, Ўзбекистон ташқи сиёсати минтақада муштарак ҳамкорлик, муаммоларни ўзаро биргаликда ҳал этиш сингари тамойилларни ўзида мужассам этиб, ўтган давр мобайнида илгари сурилган “Туркистон – умумий уйимиз” ва бугунги кунда расмий Тошкент ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашуви”ни бунинг ёрқин мисоли сифатида келтириш мумкин.
Марказий Осиёда Қирғизистон
Географик жойлашув. Қирғизистон Марказий Осиёнинг Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон давлатлари ҳамда Хитой билан бевосита чегарадош. Қирғизистон ўтмишда “Буюк ипак йўли” савдо карвонларининг минтақа бўйлаб ўтишида муҳим ўрин тутган бўлса, ҳозирда Хитойнинг Марказий Осиё ва у орқали Яқин Шарқ ҳамда Европага энг қисқа йўллар билан чиқишида дарвоза вазифасини бажаради. Маълумотларга кўра, Қирғизистон Лондон ва Сингапур ўртасидаги энг қисқа авиайўналиш марказида жойлашган. Бундан ташқари, Япониядан токи Европага қадар энг қисқа йўл айнан Қирғизистон орқали ўтган. Қирғизистон серсув дарёлар ва хушҳаво табиати билан ажралиб туради, тахминан 80 фоиз ҳудуди эса тоғлар билан ўралган ва бу омиллар унинг минтақага халқаро туризм жозабадорлигини жалб қилишдаги имкониятларини кўрсатиб беради.
Геосиёсий аҳамият. Қирғизистоннинг Марказий Осиёдаги геосиёсий ўрни Россия, Хитой ва АҚШ давлатларининг геостратегик манфаатлар чорраҳасида устувор ўрин эгаллаши билан характерланади. Бу жиҳатдан Қирғизистон ташқи сиёсатида кўп векторлилик тамойилининг акс этиши бутун минтақа барқарорлиги учун катта аҳамият касб этади.
“Ўрта Осиё Швейцарияси”. Одатда Қирғизистонни биз юқорида санаб ўтган омиллар сабабли “Ўрта Осиё Швейцарияси” деб аташади. Ушбу атама асосан Ғарб дунёсининг Қирғизистонга бўлган жозибадор нигоҳини ифодалашда қўлланилади. Бу ерда қизиқ бир рақамларни келтириш ўринли бўлади. Маълумотларга кўра, 2004 йилдан 2018 йилгача Қирғизистоннинг асосий инвестори 21,4 млрд доллар кўрсаткич билан Канада бўлган. Иккинчи ўринда 12,7 млрд доллар билан Россия, 6,9 млрд доллар билан эса Хитой учинчи ўринни эгаллаган. Қирғизистон Республикаси Миллий статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2022 йил якунларида мамлакатга киритилган тўғридан тўғри хорижий инвестиция 8,4 фоизга кўтарилиб, Туркия (30,7 фоиз), Хитой (26,3 фоиз), Нидерландия (5,9 фоиз) ва Буюк Британия (2,8 фоиз) давлатлари Қирғизистон иқтисодининг асосий инвесторлари бўлган.
Ўзбекистон ва Қирғизистон алоқалари
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг сиёсий иродаси натижасида икки давлат ўртасидаги муаммолар нафақат барҳам топди, балки икки томонлама алоқаларнинг интенсив равишда ривожланишига шароит яратиб берди. Шуни эътиборга олиш лозимки, Қирғизистоннинг иштирокисиз Марказий Осиёнинг асосий чегара муаммоларини ҳал этиб бўлмайди. Чунки, Марказий Осиёнинг 6 та анклави айнан Қирғизистон ҳудудида жойлашган. Бу анклавларнинг 4 таси Ўзбекистон эксклави бўлса, 2 таси Тожикистонга тегишли эксклавлар ҳисобланади. Минтақа чегара муаммоларининг ўзига хос жиҳати у сув билан боғлиқ муаммоларни ҳам ўз ичига қамраб олганидир. Ҳозирда Ўзбекистон ва Қирғизистон шартнома асосида нафақат чегара муаммоларини ҳал этди, балки Андижон (Кампиробод) сув омборидан биргаликда фойдаланиш бўйича ҳам келишувга эришди. Гарчи Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара муаммолари ҳал этилмаган бўлсада, Ўзбекистон ва Қирғизистон саъй-ҳаракатлари билан энди Фарғона водийсини Марказий Осиёнинг беқарорлик ўчоғи эмас, балки имкониятлар манбаига айланиши учун реал замин яратилди, деб айтиш мумкин. Бу томонларнинг превентив дипломатияси маҳсулидир.
Бундан ташқари, савдо-иқтисодий алоқаларнинг ўсиб бориш динамикасига назар ташлайдиган бўлсак, 2016 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан товар айланмаси 3,5 баробар ўсиб, 903 млн долларни ташкил этди. Ҳозирда ўзаро товар айланмаси 1,3 млрд долларга етиб, 300 дан ортиқ қўшма корхоналар фаолият юритмоқда. Яқин истиқболда эса бу кўрсаткични 2 млрд долларга ошириш режалаштирилган. Бу режа “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли қурилиши ҳисобига тез орада амалга ошиш эҳтимоли катта. Мазкур темир йўл бутун Марказий Осиё минтақасининг географик изоляциясига маълум даражада нуқта қўяди. Темир йўл ишга тушиш билан “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Ўмон” транспорт коридори, шунингдек, “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон-Афғонистон” темир йўл йўналишлари барпо этилишига кенг имкониятлар яратилади.
Икки қардош халқларни яқинлаштиришда жорий йил 1 июнь кунидан Ўш шаҳрида Ўзбекистоннинг бош консуллиги иш бошлагани, Ўш шаҳрида Бобур номидаги академик театрнинг янгиланган биноси очилгани ва Қўқон шаҳрида талабалар спартакиадаси ўтказилганини алоҳида эътироф этиш жоиздир.
Хулоса қилганда, Ўзбекистон ва Қирғизистон тарихий, географик, геосиёсий, демографик, ҳарбий ва бошқа омилларга кўра Марказий Осиё минтақасида муҳим ўрин эгаллайди. Дарҳақиқат, қисқа вақт ичида икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва ўзаро ишончи натижасида чегара муаммоси, сув ресурсларидан фойдаланиш масалалари ва бошқа бир қатор муаммолар ҳуқуқий жиҳатдан тўлиқ ҳал этилди. Бундай дўстлик ва ишонч ўз-ўзидан Марказий Осиё минтақаси муҳитига ижобий таъсир кўрсатиши билан бир қаторда ташқи кучларнинг турли геосиёсий манфаатларини амалга ошириш воситаларига қарши фундаментал тўсиқ яратишга имкон беради.
Суҳроб БЎРОНОВ
Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти,
сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD)
Бўлим мақолалари
04.11.2024 |
|
04.11.2024 |
Ўзбекистон - ТДТ: Ягона ўтмиш ва умумий келажак
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 5-6 ноябрь куни Бишкек шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) саммити тадбирларида иштирок этади.
|
01.11.2024 |
|
31.10.2024 |
|
19.09.2024 |
|
20.08.2024 |
|
27.06.2024 |
|
10.06.2024 |
|
05.06.2024 |
|
22.05.2024 |
Янги Ўзбекистон — инвесторлар учун ишончли мамлакат
Ҳар қандай ишга киришиш учун, аввало, молиявий асос даркор. Бизнес-ғоя ёки лойиҳа режаси қанчалик пухта ўйланган ва ҳисоб-китоб қилинган бўлмасин, у молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватланмас экан, қоғозда қолиб кетаверади.
|