23.03.2017 13:08 Маҳмуджон Қозоқбоев Бишкек 3333
2017 йилнинг 13 мартида “Фергана.ру” интернет сайтида Александр Торкнинг ҚРнинг собиқ юқори лавозимдаги амалдори билан “Қирғизистон маданият вазири ўринбосари Максат Чакиев: Беш йилдан сўнг миллатчилар сиёсий куч сифатида ўзларини намоён этади” деб, номланган интервьюсини чоп этди
Алексей Торк март ойларининг бошларида таниқли муҳолифатчи Омурбек Текебаевни ДМҲКнинг ҳибсхонасига тергов учун киритилгани боис, мамлакатни янги ўзгаришлар кутаётганидан дарак беради деган фикрни ўртага ташлайди. У Бишкек шаҳрида таксистлардан сал озроқ бўлган эксперт ва сиёсатшуносларнинг “ республика аҳолиси ҳозирги элита-киборлар доирасидан чарчаганликлари сабаб, юқори эшолондаги раҳбарият энди “миллатчи кучлар” ҳисобига янгиланади”- деган башоратларини қанчалиқ хақиқатга яқин эканлигини аниқламоққа уринган. А.Торк бу муаммони ёритиш мақсадида 2010 йилдан қирғиз миллатчи ёшларининг спикерларидан бири, 39 ёшли мамлакатнинг собиқ маданият вазири ўринбосари Максат Чакиевдан интервью олган.
Муаллиф Мақсад Чакиевни мамлакатдаги мустақиллик давомидаги ягона мувофаққиятли миллий маҳсулот - «Жаҳон кўчманчилари Ўйинлари» этнофестивалининг муаллиф отаси деб таништиради. Ваҳоланки, бу сўзлар хақиқатга яқинлигига катта шубҳа бор.
Шунингдек, вазир ўринбосари сифатидаги Чакиев ва унинг издошларининг Қирғизистон халқи олдидаги яна бир хизматлари «Кабар» агентлигида рус тилли оммавий ахборот воситаларида «миллатчиликни тарғиб қилишда» танқид қилган «Қирғиз Кодекси»ни тақдимотини уюштирганида эмиш.
«Сиз ўзингизни «миллатчи» деб ҳисоблайсизми»? – деган саволга , Максат Чакиев ўзининг миллатини бошқалардан устун қўймайдиган «позитив миллатчиман» деб, жавоб қилган. У ва унинг издошларининг мақсади элементар оддий бўлиб, ўз халқига фойда келтириш эмиш. Бироқ булар фойда келтира олармиканлар?!
Чакиев, ўз харакатларини ҳали хукумат босқичига етиб бормагани, хукумат унинг принципларини ўз фаолиятига тадбиқ этмаётганини тан олади. Бироқ, яқин беш йил оралиғида миллатчилар аниқ ўзларини сиёсий куч эканини исбот қилиши мумкинлигига ишонади. Ўзининг коллектив фарзанди «Қирғиз Кодекси» хақида собиқ вазир ўринбосари шундай дейди: « Бу қирғиз халқининг асосий қадрияти бўлмиш аҳлоқий –хулқий қомусининг борлигини жамиятимизга эслатишдир. Биз уларни ўйлаб топмаганмиз, улар совет даврига қадар истемолда бўлган. «Кодекс» устида ишлаш жараёнида биз кўплаб тарихчи ва этнологлар билан суҳбатлашганмиз. Мутаҳасислар қирғизларда Енисей ва ундан кейинги даврларда турли аҳлоқий – ҳулқий қоидалар мавжуд бўлганини тасдиқладилар. Бу қоидалар бизнинг хаётимизнинг асосий йўналишларини, ҳеч бир партиясиз ва расмий конституциясиз ҳам жуда эффектив тарзда аниқлаб бера олган. Ҳозирда биз ушбу «Кодекс»нинг иккинчи ёйиқ вариантини тайёрлаш устида ишламоқдамиз. У фақат Конституциянинг прототипи сифатида бўлиб, формати, услуби ва хатто ички безаклари, дизайни ҳам Бош Қомус шакли ишлаб чиқилади. Бунинг ичида «Хон кодекси», «Хизматчи кодекси» ҳам бўлади. Биз бу «Кодекс» билан танишиб чиқишлари учун унинг нусхаларини президент аппаратига, барча давлат маҳкамаларига жўнатамиз».
Бу чора эса, Қирғизистон президентининг «фуқаролик типидаги миллат»ни шакллантириш борасидаги олиб бораётган расмий позициясига ҳилоф эканлиги эслатиб ўтмоқ жоиздир.
М.Чакиевга кўра, «Бугунги Қирғизистон халқи суъний тушунча» эмиш. У : «Бизда барчани бирлаштирадиган умумий ғоя йўқ. Биз ҳаммамиз ҚР фуқаросимиз. Бироқ фуқаролик, паспортдаги муҳр ўзича умумлаштирувчи омил бўла олмайди. Қирғизистоннинг аҳолисини, унинг этносларини нима бириктиради, уни нима ягона халқ қила олади? Афсустлар бўлсинки, мен бу саволларга жавоб топа билмадим», - дейди у.
Бироқ, қирғизларни янги тафаккур номоёндалари сифатида нима бириктиради? Улар кимлардан ўзларини ажратишлари керак? Бирданига собиқ амалдорда қандайдир «сарт»лар борасида мавзу пайдо бўлади. Чакиев «Кодекс» борасидаги ижтимоий сайтларда чиқишларининг бирида : «Чет ўлкалардаги қирғизлар қўрқувдан ўзларининг миллатини айта олмаяпдилар. Биз «сартлар»га ўхшаб бормоқдамиз» деб ёзади.
Чакиев «Фарғона»даги интервьюсида эътироф этишича, «сортлар халқ ва хатто миллат ҳам эмас», деб айтади:
«Бу қандайдир тушуник, муайян инсонларнинг ёки гуруҳларнинг хулқий харакатларидир . Бизнинг халқимизда масалан «сартлар» деб фақат ўз фойдасини кўзлаб, ўзининг миллий, давлатчилик қадриятларидан фақат шахсий равнақини устун қўядиган кишиларга нисбатан айтилади. Қайтариб айтаман бу миллат ҳам, халқ ҳам эмас. Бу манфаатлар меёридир»
Бу каби сўзлар менга бир нималарни эслатди. Худди шунингдек, Германияда Гитлер даврида ёҳудийларни таърифини келтиришиб, карикатуралар чизишардилар… Бил акс, жуда қизиқ савол пайдо бўлади. Бироқ бу хақда интервьюда айтилмаган. Чакиев «фақат ўз фойдасини кўзлаб, ўзининг миллий, давлатчилик қадриятларидан, шахсий равнақини устун қўядиган киши сарт бўлади», деб шахсан ўзини тарифлаган кўринади?!
Эслатиб ўтиш жоиз, бу жаноб, вазир ўринбосарлари бўлиб ишлаб турган пайтда Ички Ишлар Вазирлигининг баёнотномаси бўйича 2014 йилнинг июн ойида « чет эл фуқаросининг ишончини қозониб, биргаликда ҳамкорлик қилиш баҳонасида Туризм Департаментининг туризмни ривожлантириш бўйича Кенгаш аъзосининг қалбаки гувоҳномасини беради. Бунинг эвазига ажнабий меҳмон бўлмиш, Корея Республикаси фуқароси уни моддий рағбағлантириши лозим эди. Аниқланишича, чет эллик фуқароси ушбу кенгашнинг ҳақиқий аъзоси бўлмаган».
Шундай қилиб вазир ўринбосари ушбу жиноий иш бўйича фаолият юргизаётган милиция ҳодимларига тергов амалиётини тўхтатиш учун 2 минг АҚШ доллари хажмидаги пора ва Иссиқкўлдаги пансионатлардан бирига бекор йўлланмани бераётган пайтида қўлга олинган.
У икки инстанциядаги суд жароёнидан ўтган. Охирги инстанция Олий Суд илгариги Бишкек шахар судининг Чакиев устидан чиқарган хукмидаги ЖК 350 моддасида кўзда тутилган давлат хужжатлари, нишонлари, штамп, муҳрлари, бланкларини қалбакилаштириш, тайёрлаш, сотиш ёки ундан фойдаланиш бўйича айбловларини олиб ташлаган. Бироқ у республикамизнинг жиноий кодексидаги 314 модда пора бериш бўйича айбланиб, катта жарима эвазига маълум муддатдан сўнг қамоқдан бўшатилган.
Бироқ биз Чакиевнинг биографиясини эмас, унинг ғояларини таҳлил қилмоқдамиз. Оммавий тушунчада «сорт» сўзи очиқ ойдин ассоциага эга. Сортлар - Фарғона водийсининг ўтроқ ўзбек ва тожикларнинг қадимий номи сифатида эътироф этилади.Ўрта асрларда Фарғона водийсидаги жуда кўп этноним ва топонимлар форс тилида бўлган. Бизнинг умумий буюк ватандошимиз , шоир, олим ва шоҳ Заҳириддин Бобур ўзининг «Бобурнома» асарида Ўшдаги Сулаймон тоғини илгари «Барокуҳ» яъни «Яшил тоғ» деб аташлари борасида маълумот қолдирган. Сулаймон тоғи остидаги ариқ шу кунга қадар «Жўйпас» (яъни «Паст овозли сув») деб аталиб келади. Шунингдек Мирзо Бобур Хазратлари ўз китобида Марғилон, Хўжанд ва Қобул шахарлари аҳли сортлар бўлиб, Андижон аҳолиси турк эканлиги баён қилган. Бу эса сортларнинг миллат сифатида бўлгани ва улар мавжуд ўзбеклар ва тожикларнинг аждодлари эканлигига яна бир тарихий ҳужжатдир.
Этнографлар ўтган аср бошидаги инқилобга қадар шахарларнинг сорт аҳолиси атрофдаги қишлоқлардан келган ўзбеклар ҳисобига кўпаяётганлигини қайд этганлар. Айтмоқчи, айнан шу шахарнинг сарт аҳолиси капиталистик ишлаб чиқариш услубларини биринчи бўлиб ўз хаётига тадбиқ этиб, мануфактураларни туздилар ва катта савдони йўлга қўйдилар.
Совет олимларида шахар ва катта қишлоқ аҳолисининг номини сорт ёки ўзбек қўйиш керакми деган савол пайдо бўлганида, юқоридаги коммунистик раҳбарият иккинчи вариантни қўллашга кўрсатма беради. Снифлар кураши бўйича ғояларга таянган партия бу аҳолига ёт унсур бўлган буржуа номини бериши мумкин эмасди. Ваҳоланки ўша пайтдаги сортлар деганда ўзига тўқ ҳунарманд, бой совдогар ва мусулмон руҳонийси тушунилганда.
Шунинг учун ҳам Марказий Осиёнинг барча туркий эллари қирғиз, қозоқ ва туркманлар сорт деганда ўзбекларни назарда тутганлар. Қандайдир «юзаки оғма меёрларни» эмас. Ваҳоланки, кейинги шахарсозликдан кейинги этаплардан кейин замонавий шахар аҳолисида шундай «юзаки оғма меёрлар» пайдо бўлгандир? Лекин бунда фақатгина ўзбекларни айблаш эса ақлли кишиларнинг иши эмас, албатта!
Бу орада юқоридаги «назариётчига» бир неча саволлар пайдо бўлади. Биринчидан Чакиев ўзи тузмоқчи бўлган ўша янги Қирғизистонни замонавий капиталистик эмас, рицарлар ва қора авом ўрин олган феодал давлат бўлишини ҳоҳламоқда. Ваҳоланки барча капиталистик тузумда мўмай фойда келтирадиган тадбиркорлик ташаббуслари рағбағлантирилади. Лекин Чакиев тузмоқчи бўлган давлатдачи? Қизиқ бундай истиқболга эга лойиҳага сайловчилар овоз берармиканлар? Бунингдек шубҳали тизим ишлаб кетиши даргумонлиги ,Чакиев ва унинг командасининг энг катта бош оғриғидир албатта.
Иккинчидан менга қаттиқ ботган нарса шуки, Чакиев сортлар хақидаги масҳараномус гаплар ортидан, тўғридан тўғри ўзбекларга ташланиб, уларга қуйидагича айб қўяди: «Мамлакатдаги сон жиҳатидан иккинчи бўлган ўзбеклар бўйича, Ўзингиз билгандай…Мен жанубда кўп маротаба бўламан, уларнинг вакиллари билан учрашаман, улар қандай яшаётганини тушунаман. Улар шу тахлитда бошқа давлатда ҳам яшайверса бўлади. Ваҳоланки уларга бу давлатнинг нима кераги борлигининг туб моҳиятини билмайдилар… Улар бу давлатнинг хаётида, глобал йўналишдаги миллий ва мамлакат ғояларни амалда барпо этиш ишларига аралашмайдилар».
Хўш бундай тутуруқсиз гапларга нима деб жавоб бериш керак? Ким унга бундай бемаъни гапни айтди? Биз шу туғилиб ўсган диёримизни Ватанимиз эканини жуда яхши биламиз. Иймоним комилки, бизнинг қирғизистонлик ўзбеклар ўз Ватанимизга чуқур муҳаббат ила боғланганимиз сабаб ҳам, ўзга давлатларда яшай олмаймиз!
Бу муборак замин замирида ўзбекларнинг кўп асрлик чуқур илдизлари мавжуд . Сўзларимнинг исботи ўлароқ Ўш шаҳрининг ҳудди Андижон, Чуст, Марғилон каби ўзига хос бўлган қадимий «сетора нусха» ўзбек дўпписи мактаби борлигини қайд этгим келади. Бу дўппи бутун Ўрта Осиёда шу бугунга қадар Ўш шаҳрининг бренди вазифасини ўтаб келмоқда. Зеро 2000 йилда Ўш шаҳрининг 3000 йиллиги нишонлаш бўйича ўтказилаётган илмий конференцияларда президиумда жой олган машҳур тарихчи олим, академик Масон ҳам «седона нусха» ўзбек дўпписини бежиз кийиб ўтирмаган эди.
Узоқ йиллар давомида, Қирғизистон Республикасининг бошқа аҳолиси билан биргаликда, ўзбеклар ҳам шу заминда меҳнат қилдилар ва уни умумий душмандан ҳимоя этдилар. Қирғизистонлик ўзбеклар сафидан 4 нафар Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари, 34 нафар Социалистик Меҳнат Қаҳрамонлари, 1 нафар барча Шуҳрат орденларининг кавалери, икки нафар Қирғизистон Қаҳрамонларининг етишиб чиққани Қирғизистон равнақи йўлидаги фидоий хизматлар эмасми?! Қирғизистоннинг ўзбек олимларининг фақатгина академик, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони Мирсаид Мирраҳимов ( бугунда Бишкекдаги Миллий кардиология маркази унинг номи билан аталади) ва Қирғизистон Қаҳрамони, профессор Эрнст Акрамов тимсолларида юксак эҳтиром ва ҳурматга лойиқ эмасми?! Ватан уларнинг жаҳон илму-фанига қўшган ҳиссаларини юқори баҳолай олди ҳам.
Қирғизистон давлати ўзининг ўзбек фуқароларидан етишиб чиқиб, Коинотни ўрганиш ва ўзлаштириш бўйича салмоқли ҳисса қўшган академик Муҳаммаджон Мамасаидов ва Қирғизистон ва Россия Қаҳрамони фазогир Солижон Шарипов билан ҳар қанча фаҳрланса арзийди. Етти бора Жаҳон Чемпиони Орзубек Назаров сингари спортчиларимиз Қирғизистон шон-шавкатини дунё бўйлаб кўтаришда озмунча шижоат-ғайрат кўрсатмадиларми?!
Хуллас Чакиевнинг ўзбек этник гуруҳи Қирғизистоннинг жамияти хаётида фаол иштирок этмаётгани, қирғиз тилини ўз она тили билан бирга ўрганмаётгани ва қирғиз маданиятининг ривожланишига ҳисса қўшмаётганлиги борасидаги гаплари исботсиз, қуруқ сафсатабозликдир.
Аксинча, охирги йиллари ўзбек ёшлари орасида давлат тилини ўрганиш, ҚР Қуролли Кучлари сафида хизмат қилишга рағбат кучли экани кўзга ташланмоқда. Қирғизистоннинг ўзбек ёзувчилари қирғиз поэзияси ва адабиёти классикларининг ижод намуналарини ўзбек тилига таржима қилиб келмоқдалар. Булар жумласидан «Манас», «Семетей» ва «Сейтек» каби қирғиз халқининг оғзаки ижоди дурдоналарининг таржималари алоҳида юқори ўрин тутади. Чингиз Айтматовнинг барча асарлари ўзбекчага ўгирилиб, зўр қизиқиш ила севиб ўқилмоқда. Ўшдаги Заҳириддин Бобур номли ўзбек академик театрининг ижодий коллективи «Баҳрикенг Манас» номли асарини нафақат Қирғизистондаги муҳлисларига, балким қўшни Ўзбекистоннинг Фарғона водийсидаги Андижон, Наманган ва Фарғонанинг театрсеварларига тақдим этдилар. Бунингдек ватанпарварликнинг намуналари албатта озод ва обод Қирғизистон гўшасида тинчликни, дўстликни таъминлашга мустаҳкам замин яратади.
Ўзбеклар Қирғизистоннинг парламентига ва маҳаллий кенгашларига депутат бўлмоқдалар (агарким бир тоифа партиялар уларни фақатгина «галочка» учун тизманинг охирига тиркаб қўймасалар ва хатто ўтган номзодларига мандатни қизғонмасалар албатта). Ўзбеклар сайловларда ўта фаол иштирок этишмоқдалар. Улар ўз овозларини юқорига етишига ишонадилар.
Чакиев буларни биладими, ёки билишни ҳоҳламайдими? Агар юқоридаги фактларни инкор этса, у ва унинг «позитив нукндаги мўтадил миллатчи»лари « ашаддий миллатчи»лардан фарқи қолмайди. Магарам, у ўзи бошқармоқчи бўлган мамлакатни билмагани ёмон. Бундайлар Қирғизистонни ўз ичидан портлатиб юборишлари мумкин.
Айтишларича, ойнадан қурилган уйга тош отмоқ ўта ҳавфлидир. Максад Чакиев бу иш билан шуғуллана бошлабди. Ойна синиқлари жуда қўп одамларни яралаши мумкин. Қирғизистон учун миллатлараро низолардан айроланган фақат фуқоролик миллатга асосланган давлат йўли бор. Мамлакат бугунги кунда барча кучларни бирлаштирган ҳолда, инқироздан чиқиб, фаровон хаётга асос солиши керак. Ҳақоратли, таъна тошларини отиш, пасткашлик ила гиначилик фақат фалокатга олиб боради.
Бўлим мақолалари
25.10.2024 |
|
03.10.2024 |
|
11.07.2024 |
|
19.06.2024 |
|
11.01.2024 |
|
21.12.2023 |
|
06.12.2023 |
|
02.06.2023 |
|
02.04.2023 |
|
01.05.2021 |
Боткент сенинг яранг – бизнинг ярамиз! Сен билан бир жон, бир танмиз!
Бугун мамлакатимиз бўйлаб икки кунлик мотам эълон қилинди. Юракларни жунбушга солаётган, кун сайин алангаланиб бораётган мудҳишликни четда бепарво кузатиб тураолмадик, тураолмаймиз ҳам.
|