25.09.2015 14:49 4911

Парламент сайловлари: Жанубда ўзбеклар кимга овоз берадилар?

4 октябр – Қирғизистон парламентига сайловлар ўтказиладиган санъага ҳам саноқли кунлар қолди. Этник ўзбеклар гуруҳи умумий Қирғизистон сайловчилари электоратининг 14% ни тузади, лекин унинг ўрни шу электрал жараёнда ўта муҳимдир. Охирги 2010 йилги парламент ва 2012 йилги Ўш шахар Кенгаши депутатлигига сайловлар натижасига кўра, бу жамоат етарли даражада оммавий ва жуда кўп ҳолатларда яхлит овоз берган. Ўзбек миллатига мансуб Қирғизистон фуқаролари мамлакатдаги уммумжамият ишларида фаол иштирок этишга харакат қиладилар.

Ўзбек этник гуруҳининг овозининг аҳамияти нимада? Айтиш жоизки, бу сафарги парламент сайловларида 14 партия иштирок этиб, улардан фақат йирик деб ҳисобланган 2-3 партиягина (СДПК, Республика-Ата-Журт ва Ата Мекен)  шимолда ва жанубда ҳам тенг овоз олиш имкониятига эга бўлгани учун, ўзини умуммиллий деб ҳисоблаши мумкин. Шу билан бирга яна бир қатор “жанубий” нишобдаги партиялар мавжудки, улар учун жанубдаги мувофаққият парламентга келиш учун ўта муҳим. Негаки, улар жанубий электоратсиз, жуда ҳам паст кўрсатқичли шимолдаги овоз  билан 7 %ли тўсиқдан ўта олишнинг иложи йўқ. Булар сирасига “Онугуу-Прогресс” ва Адахан Мадумаровнинг тарадорлари бор туманларда овоз олиши мумкин бўлган “Бутун Кыргызстан-Эмгек”,  ҳамда “Бир Бол” партиялари киради. Қисман шулар сафига янги тузилган “Кыргызстан” партияси ҳам киради.
 
Бу жануб электоратининг овозини камида 7 партия талашади дегани. “Аалам” партияси гарчи имконияти етарли бўлмасада ўз сафида жанубликлардан таниқли шахсларини рўйхатига киритиб олган. Улар ҳеч бўлмаганда ярим фоиздан уммумий жануб кулчасидан уриб қоладилар.
 
Яна “Замандаш” дегани бор. Бу партия парламент сайловларига ўз ичидан майдаланиб оқсабгина кириб келди. Лекин “Замандаш” ҳам айниқса жанубликлар кўп бўлган меҳнат мигрантларнинг қариндош-уруғларига кўз тикиб ўтирибди. Кўриниб турибдики, бу ҳолатда олдиндан кичик деб саналган этник гуруҳнинг овози тарозунинг паллаларини ўйнатадиган тош (доминанта)га айланиб, жанубдаги қайси бир партиянинг “ошиғини олчи” қилади.
 
Лекин кимни денг? Масала шунда. Келинг бу масалага сиёсий таҳлил воситасида назар солайлик. Парламент талабгорларининг кучли ва кучсиз томонлари нимада?
 
“Бутун Кыргызстан-Эмгек ” партияси ўзининг лидерларидан бири Адахан Мадумаровнинг харизлиги ҳисобига овоз кўпайтира олади. Лекин А.Мадумаровнинг иддаолари билан ўз юртида “меҳмон” бўлиб қолган миллий озчилик гуруҳлари унинг партиясини қўллаб юборади дейишдан анча олисмиз.
 
 “Ата-Мекен” партияси ўзбек электоратининг анчайин қисмига давогар эди. Охирги пайтгача унинг етакчиси Ўмирбек Текабаев ўзбек электорати билан мўлтона-дўстона мақомда эди. Хусусан  “Ата-Мекен” партиясининг босма сўз органи бўлган “Процесс” газетаси бир неча йиллардан бери гоҳ-гоҳ катта тиражда ўзбек тилида ҳам чоп этилар эди. Бироқ бу партия ўзининг кейинги икки қарори билан ўзининг позициясини бузиб қўйди.
 
Биринчиси “Ата-Мекен” партияси Мелис Мирзакматовнинг “Улууттар Биримдиги” партияси билан қўшилиб кетиши. Хали замон Мирзакматовнинг тарафдорлари “революционерлар” ва аксилбакиевчиларни ўз юзида ифода этган “Ата-Мекен”га овоз беришлари ҳам даргумон. Лекин бир нарса аниқ, кўпчилик ўзбек жамиятидагиларнинг кўпчилиги Ўш шаҳрининг собиқ хокимига нисбатан яхши фикрда эмас. Илгари унинг амалини хурмат қилган ўзбеклар ҳам унинг судда оғир жиноятда айбланган ҳолда, 7 йилга кесилиб, қочқинда юрган аҳволидан кейин ихлослари қайтган.
 
Иккинчиси , ҳар қалай тилида бўлса ҳам миллий озчилик гуруҳлари томонини олиб юрган Ўмирбек Текебаев бу сафар шундай иш қилдики уни тушинишнинг иложи бўлмаётир. Яъни бошқа партияларда биринчи бешликда, ўнликда, боринки йигирмалик рўйхатларида жой олган ўзбеклар, “Ата-Мекен” партиясининг рўйхатида 100дан нарида бўлиб қолган. Ваҳоланки бу партияда ҳам 10 нафар ўзбек миллатига мансуб номзодлар бор. Лекин қонун бўйича Жогорку Кенешда бир партия бутунлай ғалабага эришганда ҳам 65 ўринга эга бўлади. Агар бу партиядан бирор бир ўзбек миллатига мансуб номзод парламентдан жой олмаса, нима ҳам қиларди рўйхатни кенгайтириб деб ўйлайди киши. Бу мазаҳ бўлса керак.

 “Республика” партияси яхши имкониятларга эга эди. Лекин уни “Ата-Журт” партиясига қўшилиб кетиши ўзбек электоратининг жуда катта қисмини ихлосини қайтариш эҳтимолини кучайтирди. Бундан ташқари 2012 йилги Ўш шахар Кенгаши депутатлиги сайловларида “Республика” партия ўзи кўзлаган 15 мандат ўрнига 8 мандатни қўлга киритган эди. Ушбу 8 мандат асосан ўзбек электорати овози ҳисобидан топилганига қарамай, сайловдаги сарф - харажатни ёпиш мақсадида фақат 1 мандатгина ўзбек миллатига мансуб номзодга теккан. Бу масалада “Республика”нинг раҳбарияти ўзбек номзодларига нисбатан адолат қила олмаганлар.
 
 «Бир Бол» ва «Онугуу-прогресс» бу янги партиялар. Халқимизда “синалмаган отга минмайдилар” деган гап бор. Лекин шоввоз йигитлар  отларни эгарлаб минмасалар одамлар пиёда қолиб кетардилар.  Ўзбек электоратига хос бўлган концерватизм туфайли  янги партияларга бўлган шубҳаланиш ўз ўрнини топиб келмоқда.
 
Феликс Куловнинг «Ар-Намыс» партиясидан умидлар катта эди. У ўзини “қонуннинг темир қалқони” деб атарди. У мамлакатимизнинг бус-бутунлигини ва барча фуқароларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилмоқчи эди. Лекин минг афсус у ўзининг бутунлигини сақлай олмади. Эсингизда бўлса бу партия парламентга келибоқ бўлиниб кетди. Ҳозир унинг кўзга кўринган вакиллари бошқа партиялар рўйхатларидан жой олдилар( хусусан ўшлик Анвар Ортиқов СДПК партиясининг рўйхатининг олдинги сафида).  Ундан берган ваъдаларинга вафо қилдингми деб сўралади. Хўш бу саволларга Феликс Кулов жавоб бера оладими? Тушуниб бўлмайди.
 
Шулар қаторида сайловларга “хукумат партия”си ҳам бормоқда. Бу партияга ҳам етарли даражада саволлар бор. Бу партия охирги йиллари янада фаолроқ харакат қилиши керак эди. Бироқ унинг битта катта ижобий иши бор. Социал-демократлар –  президент партияси сифатида жанубда ва бутун Қирғизистонда барқарорликни таъминлай олдилар. У хокимиятни тинчлик йўли билан ўтказиб беришга эришди. Жамиятимиз инқилобий тўнтаришларни ҳоҳламайди. Алмазбек Атамбаев мамлакатимизни тўғри йўналишда хотиржамлик билан олиб кетмоқда. Мамлакатимиз халқининг кўпчилигига ва хусусан этник гуруҳларгада асосан нима керак? Ҳар бир миллий озчилик гуруҳи вакилидан сўраб кўрингчи – Сен учун энг қиммат нарса нима ? – деб. У албатта : -Тинчлик- дейди. Майли пайти келганда нон топиш қийин туюлар, нарҳ-наво ошиб кетар, лекин сени туғилиб ўсган ериндан биров ҳайдаб юбормайди. Тўқнашувлар бўлмайди. Зўрлик бўлмайди.
 
Аҳолининг қайсидир  қисми СДПКга берган овозини Атамбоевга бердим деб ўйлайди. Бундай одамларни тушиниш мумкин. Атамбаевни мақтовга арзигулик ишлари кўп. Уни танқид қилса ҳам бўлади. Масалан Атамбаевни ислоҳатларни олиб боришда етарли даражада шиддатли бўлмагани ҳам танқид қилайлик. Лекин у президент бўлган пайтда, инқилобдан ларзага келган мамлакат барқарорликка юз бурганини ҳеч ким инкор этмаса ҳам керак...
 
Бироқ биз шу ерда тўхтайлик. Бизларнинг юқорида юритган фикрларимизни амалда  тўғри ёки нотўғри эканини исботлайдиган кунга яқин қолди.Сайлов куни хақиқат очилар. Бу хақиқат билан баҳслаша олмайсан.
 
Маҳмуджон Қозоқбоев, “Альянс-Пресс” ахборот агентлиги директори.

Бўлим мақолалари
17.11.2015 Сиёсий шарҳ
«Кўрпангга қараб оёқ узатмайсанми»
17.11.2015