14.10.2024 16:40 265
ТОШКЕНТ.14 октябр – Альянс-Пресс. Жорий йилнинг 27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 128-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловлари бўлиб ўтади.
Сайловнинг мамлакат ҳаётидаги алоҳида ўрнини эътиборга олиб, ушбу жараёнга фуқароларни кенг жалб этиш мақсадида 27 октябрдаги сайлов “Менинг танловим – обод Ватаним” шиори остида ўтказилади.
Таъкидлаш жоизки, бу йилги сайловлар мазмунан янги бўлиши билан бир қаторда, сайловларда рақамли технологиялар имкониятларидан кенг фойдаланиш режалаштирилмоқда.
Биринчидан, Ўзбекистон тарихида илк бор Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловлари аралаш сайлов тизими, яъни мажоритар-пропорционал тизим асосида ўтказилади.
Депутатларнинг 75 нафари мажоритар тизим асосида, яъни сайловчилар ўзлари танлаган номзодга овоз бериш йўли билан, қолган 75 нафари эса, пропорционал тизим бўйича сиёсий партияларга берилган овозлар асосида сайланишади.
Иккинчидан, барча даражадаги сайлов комиссиялари фаолияти, уларнинг сайлов жараёнлари иштирокчилари билан ўзаро муносабатлари тўлиқ рақамлаштирилди. Сайлов тартиботларидаги бюрократия, ортиқча вақт сарфи ва ҳужжатлар ҳаракати қисқартирилди.
Эндиликда Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда миллий сайлов тизимига “E-Saylov” ахборот тизимининг жорий этилгани бу йилги сайловлардаги муҳим янгиликлардан яна биридир.
Учинчидан, сайлов қонунчилиги илғор демократик стандартларга мос равишда тубдан такомиллаштирилди. Жумладан, сайлов органларининг Марказий сайлов комиссияси бошчилигидаги янги тизими жорий этилди, сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодларни кўрсатишда аёлларнинг улуши камида 40 фоиз бўлиши белгиланди.
Бундан ташқари, депутатликка номзод сайланиш учун сайловчиларнинг нисбий кўпчилиги овозини олиш лозимлиги белгиланди. Унга кўра, номзод тегишли сайлов округида бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овоз тўплаган тақдирда депутат бўлиб сайланиши мумкин бўлади ва шу орқали такрорий овоз беришни ташкил этиш талаб этилмайди.
Тўртинчидан, сайлов Янгиланган Конституция мустаҳкамлаган кучли парламентаризм ва жойларда вакиллик органларининг ваколатлари сезиларли даражада кучайтирилган шароитда ўтмоқда.
Миллий сайлов қонунчилигига биноан, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга.
Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга уч кун қолганида тугалланади.
Муддатидан олдин овоз бериш жорий йилнинг 16 – 23 октябрь кунлари бўлиб ўтади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида овоз бериш жорий йилнинг 27 октябрь куни соат 8:00 дан 20:00 гача ўтказилади.
Шунингдек, сайлов жараёнлари Ўзбекистон Республикасининг Ўш шаҳридаги Бош консулхонасида ташкил этилган сайлов участкасида ҳам ўтказилади.
Қолаверса, Ўзбекистонда 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган парламент сайловларига тайёргарлик кўриш мақсадида "saylov.mfa.uz" сайти ишга туширилди.
Мазкур сайт Ўзбекистон Республикасининг хориждаги фуқароларига консуллик ҳисобида турмасдан овоз бериш учун сайловчилар рўйхатига киритишга электрон мурожаат қилиш имконини беради.
Мазкур платформа орқали хориждаги фуқаролар экстерриториал тамойили асосида ўзлари танлаган сайлов участкасини ўзгартириш имконияти қўшимча қулайлик сифатида жорий этилди.
Бўлим мақолалари
18.11.2024 |
|
16.11.2024 |
|
14.11.2024 |
|
09.11.2024 |
|
07.11.2024 |
Шавкатжон Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди
НАМАНГАН. 7 ноябр – Альянс-Пресс. Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг еттинчи чақириқ биринчи сессиясида Шавкатжон Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди.
|
01.11.2024 |
|
28.10.2024 |
|
27.10.2024 |
|
18.10.2024 |
|
01.10.2024 |
|