22.05.2023 19:59 "Альянс-Пресс" ахборот агентлиги директори Маҳмуджон Қозоқбоев Ўш 1550
ЎШ. 22 май – Альянс – Пресс. Ўш вилояти ва Ўш шаҳрининг ўзбек миллий-маданий марказлари фаолларининг қўшма мажлисида кеча, 21-май куни Чўлпон ота шаҳрида Республика ўзбек миллий марказининг навбатдаги қурултойининг ўтказилиши бўйича эътирозли масалалар кўрилди.
21-май куни бўлиб ўтган Чўлпон ота шаҳрида Республика ўзбек миллий марказининг навбатдаги қурултойи Ўш вилояти ва Ўш шаҳри жамоатчилиги ўртасида қизғин муносабатларга сабаб бўлди.
Ушбу қурултой хақидаги маълумот - пост дастлаб Фейсбук тармоғидаги “Ўш ва ўшликлар” гуруҳида саҳифасида чиққан эди. Пост остидаги танқидий изоҳлар кўпайиб кетиши оқибатида у бугунги куннинг иккинчи ярмида Фейсбукдан олиб ташланди.
22 май куни Ўш шаҳрида ўтказилган мажлисда Ўш вилояти ўзбеклар маданий маркази раҳбари ўринбосари Акбар Алиев ва шу марказнинг Оқсақоллар кенгаши раиси Муҳаммаддамин Исмоилов, Ўш шаҳри ўзбек миллий-маданий маркази раҳбари Олмосбек Иминжонов, Бобур театри Бадиий раҳбари Равшанбек Турсунов ва бошқа фаоллар сўзга чиқдилар. Жумладан Ўш вилояти ва Ўш шаҳрининг ўзбек миллий-маданий марказларининг фаолларининг қўшма мажлисида Чўлпон ота шаҳрида Республика ўзбек миллий марказининг навбатдаги қурултойи бир неча зарурий талабларга риоя қилинмай ўтказилгани қайд этилди:
- Қурултойга Қирғизистон Адлия вазирлиги рўйхатида қайд этилган Ўш вилояти ва Ўш шаҳрининг ўзбек миллий-маданий марказларининг вакиллари таклиф этилмаган. Шунингдек Қирғизистон ўзбекларининг маданий хаётида катта ўрин тутган Ўш шаҳридаги Бобур номидаги Давлат академик театри жамоасидан ҳам бирон - бир вакил таклиф этилмаган. Қурултойга таклиф этилганлар шахслар қандай критерий – мезонлар билан саралаб олингани номаълум. Хусусан “Қурултойга республикада истиқомат қилаётган ўзбекларнинг 100 нафар делегацияси иштирок этди” деб айтилган тадбирга Ўш вилояти ва Ўш шаҳридан фақат 4 ёки 5 киши таклиф этилиши ҳудудий пропорционал таркибга бутунлай зиддир. Ўш шаҳридан таклиф этилганлар сафида республикада ва ўзбек жамоатчилигига хизматлари синган арбоблардан Бўрибой Жўраев ва Арафатхон Олимжонова каби инсонларнинг йўқлиги Қурултой уюштирувчиларининг жиддий хатоларидан биридир.
- Қурултой мамлакатнинг пойтахтида эмас, умуман ўзбеклар гуж яшамаган шимолий ҳудудда ўтказилиши ҳам қатор танқидий саволларни яратган.
- Қурултой республикалардаги барча ўзбек миллий марказларининг қурултойлари ўтиб бўлгандан кейин чақирилиб, унда йиллик ҳисоботи эълон қилиниши керак эди.
- Қурултойнинг делегат аъзолари марказ раҳбарини сайлаш учун овоз беришидан аввал унга алтернатив – муқобил номзод кўрсатилиши шарт эди.
- Чўлпон ота шаҳрида ўтказилган Республика ўзбек миллий марказининг навбатдаги қурултойида Қирғизистонда кўп йиллардан бери ўзбек тилида фаолиёт олиб бораётган бирон - бир оммавий ахборот воситалари ҳодимларининг иштироки таъминланмаган. Умуман олганда ҳам Қурултой ишини бирорта Қирғизистон ОАВ вакиллари ёрита олмаган. Ваҳоланки ўзбеклар мамлакатнинг сон жихатидан иккинчи аҳолиси бўлгани учун бунингдек катта аҳамиятга эга тадбирлар барча оммавий ахборот воситалари учун очиқ режимда ўтказилиши керак эди.
Ўш вилояти ва Ўш шаҳрининг ўзбек миллий-маданий марказлари фаолларининг қўшма мажлиси юқорида қайд этилган фактлар бўйича ўз эътирозларини ариза сифатида Қирғизистон Халқлари Ассамблеясига юборишни мақул кўрдилар.
Бўлим мақолалари