21.09.2023 11:03 2233
ҚЎҚОН. 21 сентябр – Альянс-Пресс. Ўзбекистон Республикасининг Қўқон шаҳрида Иккинчи Халқаро ҳунармандчилик фестивали ўз ишини бошлади. Фестивалга уйғун ҳолда Риштон туманида Халқаро кулолчилик форуми ҳам бўлиб ўтади.
Халқаро ҳунармандчилик фестивалида 70 та хорижий давлатдан 200 нафар иштирокчи қатнашмоқда. Шу билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг ўзидан нафар ҳунармандлар иштирок этмоқди.
Халқаро миқёсдаги мазкур тадбирнинг Қўқон шаҳрида ўтказилаётгани бежиз эмас. Чунки ушбу шаҳар қадим-қадимдан ҳунармандчилик ривожланган маданий марказлардан бири бўлиб келган. Бу ерда ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатининг турли йўналишлари юксак даражада тараққий этган. Уста-шогирд анъаналари, ҳунармандларнинг оилавий сулолалари унинг сир-асрорларини аждодлардан авлодларга етказиб келмоқда. Бугунги кунда ҳам Қўқон шаҳрида ҳунармандчилик анъаналари изчил риволанмоқда. Хусусан, ёғоч ўймакорлиги, қоғозгарлик, чилангарлик, заргарлик каби ҳунармандчиликнинг кўплаб турлари равнақ топмоқда.
2019 йилда Биринчи Халқаро ҳунармандчилик фестивалида 78 та мамлакатдан 570 нафар иштирокчи, Ўзбекистоннинг 14та ҳудудидан эса 1200 нафар маҳаллий ҳунармандлар иштирок этиб, тадбирга бир миллиондан ортиқ ташриф буюрувчи ва хорижий сайёҳлар келган.
Ташкилотчилар маълумотлари бўйича, Биринчи Халқаро ҳунармандчилик фестивалининг ўтказилиши натижаларига кўра Қўқон шаҳрига сайёҳлар оқими 10 баробарга, ҳунармандлар сони 3,5 баробарга, меҳмонхоналар 2,5 баробарга ошган.
Жаҳон ҳунармандчилик Кенгашининг 2019 йилнинг 23 июлидаги қарорига кўра, Қўқон шаҳрига ёғоч ўймакорлиги бўйича Ҳунармандчилик шаҳри мақоми берилган.
Шунингдек, Ўзбекистондаги яна иккита Бухоро ҳамда Марғилон шаҳарларига Ҳунармандчилик шаҳри мақоми ҳам берилган.
2020 йилда Бутунжаҳон Ҳунармандлар Кенгаши – Осиё ва Тинч Океани Минтақасининг 2021-2024 йиллар Президентилигини Ўзбекистонга топширилди.Ушбу халқаро ташкилотнинг Осиё ва Тинч Океани Минтақаси бўйича офисини Ўзбекистонга олиб келиш ва нуфузли тадбирларини юртимизда ўтказиш бу заминда ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва мавқеини оширишга хизмат қилмоқда.
Фестиваль доирасида бир қатор тадбирлар, фестиваль иштирокчиларининг тантанали юришлари, маҳаллий ва хорижий ҳунармандларнинг маҳсулотлари кўргазма-савдоси, «Анъанавий бадиий ҳунармандчиликни сақлаш ва ривожлантириш соҳасида жаҳон амалиёти» мавзусида илмий конференция, фестивални ўтказиш ва якунлари бўйича матбуот анжуманлари, халқаро ва ўзбекистонлик ҳунарманд-дизайнерлар иштирокидаги модалар намойиши, халқ сайллари, қўғирчоқбозлик ва дорбозлар томошалари, вилоятлар фольклор жамоалари ва маданият бошқармалари концерт дастурлари, ош танловлари, маҳаллий ва хорижий ҳунармандларнинг маҳорат дарслари, замонавий ўзбек миллий ҳунармандчилиги ва амалий санъати ва ҳунармандлар ижодига бағишланган «Ўзбекистон ҳунармандчилиги» китоб-альбоми тақдимоти, Халқаро ҳунармандчилик музейи очилиши ва Қўқон шаҳрининг маданий-кўнгилочар жойлари ва туристик маршрутлари бўйлаб саёҳат ўтказилади.
Халқаро Ҳунармандчилик фестивали низомига асосан фестиваль доирасида маҳаллий ва хорижий ҳунармандлар ўртасида кўрик-танлови бўлиб ўтади. Кўрик-танлов иштирокчилари бўлган ҳунармандларнинг маҳоратларини етти кишидан иборат таркибда халқаро ҳайъат баҳолаб боради. Халқаро ҳайъат таркибига юқори малакали мутахассислар, таниқли санъат ва маданият арбоблари, олимлар, тадқиқотчилар, амалиётчилар, шунингдек, иштирокчи давлатлардан тегишли соҳалар намояндалари киритилган. Халқаро ҳайъат кўрик-танлов иштирокчиларининг маҳсулотлари кўргазмаси ва маҳорат дарсларини 5 та номинация – «Энг яхши ҳунарманд» (1 ўрин 7 000, 2 ўрин 5 000, 3 ўрин 3 000 АҚШ доллари), «Энг ёш ҳунарманд» (5 нафар ҳунармандга 2 000 АҚШ доллари), «Энг яхши ҳунармандчилик мактаби устаси» (1 ўрин -5000, 2-ўрин -3000, 3-ўрин 2000 АҚШ доллари), «Қадимий сулола давомчиси» (2 ҳунармандга 2500 АҚШ доллари) ва «Қадимий ҳунармандчилик турини тиклаган ҳунарманд» (2 нафар ҳунармандга 2 500 АҚШ доллари) каби номинациялар бўйича баҳолайди ҳамда ғолиблар махсус диплом ва пул мукофоти билан тақдирланади.
Халқаро ҳунармандчилик фестивали кўрик-танлов ғолиблари ва совриндорлари иштирокида Худоёрхон Ўрдаси майдонида тантанали тақдирлаш маросими ва гала-концерт бўлиб ўтади.
Халқаро ҳунармандчилик фестивалини 14 та давлатдан келган 19 нафар жаҳон оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда 100 дан ортиқ маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари кенг ёритиб турибди.
Бўлим мақолалари